Рустам Иноятов кетди. МХХ нима бўлади?

Озодлик ушбу мақолада 50 йил давомида СССР КГБси ва Ўзбекистон МХХда ишлаган, 2018 йилнинг 31 январида МХХ раислиги вазифасидан бўшатилган Рустам Иноятовнинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлашга ҳаракат қилди. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. ЦентрАзия.ру, Википедия сайтларида Рустам Иноятовнинг биографияси ҳақида қисқача маълумот берилган. Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида, Сурхондарё вилоят, Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган. Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билган. Университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.