Ўз фуқароларини тан олмаган Ўзбекистон

Гулчеҳра исмли ўзбекистонлик аёл Ўзбекистон Конституциясига кўра¸ бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишга ҳаққи йўқлиги ва бу қоидани бузган Каримов ўз ўрнини белида қуввати борига бўшатиб бериши кераклигини айтади. - Яна сайлов, яна сайлов. Энди товба қилдиму, наҳанглик ҳам бунча бўлмайди-да. Айтишади - Каримов бизни отамиз. Эпласа оталик қилсин. Бобой ёшига етиб қолди, бўлар энди, чиқсин пенсияга, нафақа ёшидан ўн беш йил ўтиб кетди, дамини олсин, белида куч-қуввати, мадори, ишлашга шижоати борига бўшатиб берсин, - дейди Гулчеҳра. 15 январь куни Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримов 29 мартга белгиланган президентлик сайловида бу лавозимга кўрсатилган илк номзод бўлди. Унинг номзоди яна Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан кўрсатилди. 23 январь куни Ўзбекистон Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси мажлисида сўзлаган нутқида эса жаноб Каримов керак бўлса яна 25 йил ишлаб беришга шаъма қилди. - Бир йилда бўлмайдиган ишларни беш йилда, беш йилда бўлмайдиган ишларни ўн йилда, йигирма беш йилда ҳаммасини жой-жойига қўйишимиз, мен ўзимни бурчим деб биламан, - деди Каримов.